Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Наманган вилоятида мотам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Эрта тонгдан давлат идоралари, ташкилот ва корхоналар, жамоат ташкилотларининг жамоалари, кекса-ю ёш қўлида гулдаста, қалбида чуқур изтироб, юз-кўзида чексиз қайғу билан вилоят марказидаги Хотира хиёбони томон оқиб кела бошлади.
Йиғилганлар Ислом Каримовнинг давлат мустақиллиги асосчиси ва раҳнамоси сифатида халқ олдидаги буюк хизматлари ҳақида сўзлаб, унинг вафоти ниҳоятда оғир йўқотиш эканини чуқур қайғу билан изҳор қилди.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан Фарғона вилоятида ҳам мотам тадбирлари ўтказилмоқда. Корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, ёшлар, умуман, минглаб фарғоналиклар Фарғона шаҳридаги Театр концерт саройи хиёбонига келиб, Президент портрети пойига гуллар қўйди.
Шундай тадбирлар Наманган ва Фарғона вилоятларининг барча шаҳар ҳамда туманларида бўлиб ўтмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)