Голливуд актёри Леонардо Ди Каприо ва унинг севган қизи даниялик модель Нина Агдал Нью-Йорк штатида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Улардан ҳеч бири жабрланмади. Бу ҳақда ҳодиса гувоҳига таяниб, New York Post маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Ҳодиса Нью-Йорк яқинидаги Саффолк округида 20 август, шанба куни соат 16:30 атрофида юз берган. Актёр ва унинг севган қизи кетаётган Range Rover автомобилига аёл киши бошқариб кетаётган Mini Cooper келиб урилган.
Гувоҳнинг сўзларига қараганда, актёр ўзини экстремал шароитда одобли тутган. У дастлаб ҳамроҳининг яхши эканлигига ишонч ҳосил қилгач, йўл-транспорт ҳодисасида айбдор деб тахмин қилинаётган аёлга ёрдам берган.
Нашрнинг қайд этишича, ЙТҲ қатнашчиларидан ҳеч ким жабрланмаган. Ди Каприонинг автомобилига ҳеч қандай зарар етмаган, Mini Cooper кузовининг олд қисми шикастланган.