Таэквондонинг 80 килограммдан зиёдроқ оғирликка эга бўлган спортчилари ўртасидаги беллашувларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Дмитрий Шокин ярим финал босқичига қадар чиқиб борганди. Бироқ у ўзининг сўнгги икки жангида имкониятни бой бериб қўйди.

Foto: Gazeta.uz

Фото: Газета.uz

Шокин Рио—2016 даги иштирокини хитойлик Сяо Сенга қарши бошлаб, рақибини мағлуб этганди. Чорак финалда у кубалик Рафаэль Кастильога чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди.

Финал остонасида нигерлик Иссуфу Абдулраззоқ билан тўқнаш келган Шокин, 2:8 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва турнирнинг бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолди.

Бронза кечган биринчи жангда бразилиялик Майкон Андраде британиялик Махама Чони таслим қилди. Дмитрий Шокин ҳамда Жанубий кореялик Чха Дон Мин ўртасидаги иккинчи бронза жангида эса омад кореялик спортчига кулиб боқди.

Дастлабки уч раунддан кейин ҳисоб 3:3 бўлиб турганди. Олтин очко учун кечган жангда эса кореялик таэквондочи 1 очкога эга чиқиб, Рио—2016 ни бронза медали билан якунланди.