«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Аргентина терма жамоасининг 2018 йилги Жаҳон чемпионати саралаш учрашувларидаги таркибига киритилди. Бу ҳақда, Аргентина футбол уюшмаси хабарномасига асосланиб, «ТАСС» маълум қилди.
Маълумки, 2016 йилги Америка Кубоги финалида Аргентина Чилидан мағлуб бўлганидан сўнг Месси терма жамоа таркибидаги чиқишларини якунлаганини маълум қилган эди. Аммо кеча, 18 август куни Месси миллий термага қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Айтилишича, Месси миллий терманинг янги бош мураббийи Эдгардо Бауса билан суҳбатлашганидан сўнг шундай қарорга келган. 29 ёшли футболчи яқинда Уругвай ва Венесуэлага қарши ўтказиладиган ўйинларда иштирок этишни режалаштирмоқда. Футболчининг қайтиши ҳақидаги расмий баёнот тез кунларда берилади.