Рио-де-Жанейрода Россия Олимпия терма жамоаси истиқомат қиладиган меҳмонхона балконидаги байроқлар номаълум шахслар томонидан юлиб кетилди. Бу ҳақда, синхрон сузиш устаси Александра Пацкевичнинг маълумотига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Биз Олимпия қишлоғида истиқомат қилмоқдамиз. Бу ерда меҳмонхона-уйимиз бор, бу ерда фақат Россия делегацияси истиқомат қилади. Биз 16-қаватда яшаймиз. Ўша ерда байроқларимизни осиб қўйган эдик. Кеча эрталаб Россия байроқлари юлиб олиниб, тугун қилиб боғлаб қўйилганини кўрдик. Биз, албатта, уларни жойига қўйдик, лекин кечки машғулотлардан қайтишимизга байроқлар изсиз йўқолди», — деди Пацкевич.
Шунингдек, спортчи Рио-де-Жанейрода россияликларга ёмон муносабатда бўлинаётганини айтди.
«Россиялик спортчиларга ҳуштакбозлик қилишади, пьедесталдаги йигитларимизни табриклашдан намойишкорона бош тортишади, уларнинг қўлини сиқиш учун келишмайди», — деди у.
Изоҳ (0)