Йигитали Мамажонов ҳақиқатан ҳам жуда кўп гонорар сўрайдими? Қайси ўзбек режиссёрларининг фильмларида суратга тушишни хоҳлайди? Қайси актриса билан ҳамкорлик қилиш Йигитали учун қулай? Журналист Феруз Муҳаммад актёр Йигитали Мамажоновнинг ҳали сизга маълум бўлмаган фикрлари, ҳаётий қарашлари ҳақида суҳбат уюштирди.

Foto: “Daryo”

Фото: «Дарё»

— Журналистлар томонидан сизга берилавериб жонингизга тегиб кетган савол қайси?

— Санъатга қандай қилиб кириб келгансиз, деган қолип савол бор. Сўнгги вақтларда энг жонга теккан савол: «Нимага ажрашиб кетдингиз?». Биринчидан, бу шахсий ҳаёт. Баъзилар: «Биз мухлисмиз, машҳурларнинг шахсий ҳаётини билишга ҳаққимиз бор», дейишади. Йўқ, ҳақингиз йўқ — бу шахсий ҳаёт. Сиз санъатга қандай кириб келганимизни, ижодимизни билишингиз, буни танқид қилишингиз мумкин. Мухлисларнинг ҳаётимизга аралашишларининг иложи ҳам, ҳақ-ҳуқуқлари ҳам йўқ, шундай экан, шахсий ҳаётимиз ҳақида ҳам билишларига ҳақлари йўқ.

— Болаларим билан ҳафтада бир кўришамиз, деб интервью берган экансиз. Болаларингиз билан кўришган вақтда, хоҳлайсизми-йўқми, турмуш ўртоғингиз — хонанда Райҳон билан ҳам кўришасиз. Шу вақтда муносабатингиз, суҳбатингиз қандай бўлади. Ўртангизда ҳеч бўлмаса дўстлик ришталари сақланиб қолгандир?

— Биласизми, мен бирор инсонга нисбатан гина сақлаб юрмайман, яхши муомала қиламан, ёмон муомалада бўла олмайман. Балки, Райҳон оиламиз сақланиб қолишини, тикланишини жуда хоҳлаётгандир, аммо мен хоҳламаяпман. Чунки бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мисол учун, Сиз дарахт экиб келаяпсиз-да, кимдир бошқа томондан келиб, уни юлиб кетаверса, қандай қилиб боғ барпо бўлиши мумкин? Ёки Сиз дарахт экаяпсиз, кимдир унга сув қуйиб турмаса, ҳатто ҳаракат ҳам қилмаса, у боғ кўкармайди, яшнамайди. Бундай боғ яратгандан, яратмаган яхшироқ, деб ўйлаб қолдим.

— Сизнинг гапларингиздан оилангиз қачондир барибир тикланса керак, деб ўйлаяпман. Бу ҳодиса айни кунларда бўлмаслиги мумкин, эҳтимол икки-уч йил ўтиб содир бўлар?

— Тўғрисини айтадиган бўлсам, ҳеч қачон олдиндан фикрлаб, 5—6 йилни мўлжаллаб режа тузадиган одам эмасман. Вақти келса, эртанги кунимни ҳам ўйламайман. Соғ-саломат, яхшиликда эртанги кунга етказсин, деб ният қиламан, холос. Эртанги кунимни ўйламайман деганим — Худога хуш келмайдиган режалар тузмайман, балки эртагача етиб бора олмасман ҳам. Бу ҳаммаси Худонинг иши, нима бўлса ҳам яхшилик бўлсин. Яратгандан шуни сўраб қоламан.

— Энди ижодинггизга қайтсак. «Ойқиз эртаги» фильми режиссёри Акбар Бектурдиевнинг сўзларига кўра, сиз ўз ролингизни у ўйлаган даражадан ҳам бир поғона баландроқ, маромидан ҳам ошириб ижро этиб берибсиз. Кўплаб режиссёрлар билан ишлаган профессионал актёр сифатида Акбар Бектурдиевнинг фаолиятига қандай муносабат билдирасиз?

— Акбар Бектурдиев билан ҳамкорлигимиз жуда самарали бўлди. Бундан кейин ҳам кўплаб фильмларда бирга ишлаш ниятимиз бор. Инсоннинг тажрибаси қанчалик бой бўлса, ишлари ҳам шунча яхши бўлиб бораверади. Акбар ака келажаги порлоқ режиссёр.

Foto: “Oyqiz ertagi” filmidan lavhalar

Фото: «Ойқиз эртаги» фильмидан лавҳалар

— Адашмасам, «Ойқиз эртаги» фильмида айнан сизнинг ролингизни ўйнаш учун бошқа талабгорлар ҳам бўлган. Фильмнинг кастинг жараёнлари ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Бошқа талабгорлар борасида бехабарман. Биринчидан, бу фильмда ўйнаш хоҳиши бор эди-ю, лекин «ўйнайман» деб қатъий интилмаганман, рол учун талашмаганман. Умуман олганда, шу вақтгача бошқа фильмларда ҳам бирор рол учун талашган эмасман. Бунинг ҳаммаси тақдир. Кастингдан сўнг Москвага кетгандим. Тасвирга олиш ишлари бошланганини эшитганимдан сўнг, ўрнимга бошқа актёр топган бўлишса керак, бу рол менга насиб қилмаган экан, деган фикр хаёлимдан ҳам ўтган. Москвадан қайтганимдан сўнг, съёмкалар ҳали ҳам бошланмаганлигини билдим. Акбар ака: «Менимча, бу фильмда ўйнаш сизга насиб қилган экан», деб ролни менга ишониб топширди. Кимдир менга ишонч билдирдими, унинг ишончига муносиб бўлиб, жонимни аямасдан меҳнат қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам менга билдирилган ишончни оқлайман. Фильмда қўлдан келганча, имкон борича ҳаракат қилдим, аммо хаёлимда: «Ролни бундан ҳам яхшироқ ўйнасам бўлар эди», деган ўй ўтмоқда.

— Менимча, гонорар кўп сўрайдиган актёрлар тоифасига кирасиз...

— Ҳа, ростдан ҳам кўп сўрайман. Меҳнатимга яраша сўрайман, чунки олган пулимни ҳар доим оқлаганман.

— Сценарий танлашингиз, катта гонорар сўрашингиз таклифнинг кам бўлишига олиб келмайдими?

— Шунақа томони ҳам бор, ҳа.

—Актёрга, машҳур инсонга моддий томонни қоплаш учун яхшигина маблағ керак. Кўпларнинг эътиборида бўлгани учун яхши кийиниб юриши лозим, кўпчиликнинг олдида овқатланмайди, демак, қиммат ресторанларда овқатланади, деган гаплар юради.

—Менда унақа одатлар йўқ, хоҳлаган жойга кириб овқатланишим мумкин. Ҳурматимни башанглик, дабдаба, мол-дунё билан белгиланишини истамайман. Мол-дунёнинг бари ўткинчи.

— Сизга фильмда ўйнаш учун таклиф бўлса, биринчи навбатда нимага қарайсиз?

— Шу кунгача ҳам биринчи навбатда сценарийга қараганман, бундан кейин шундай бўлади. Агар сценарий яхши бўлмаса, мен у фильмда суратга тушмайман.

— Тасаввур қилинг, сценарий яхши эмас, аммо сизга 160 миллион сўм гонорар таклиф қилишди. Унда нима қиласиз?

— Менимча, бунча пул таклиф қиладиган одамнинг фильми ҳам яхши бўлади, бунга рози бўлар эдим. Нима бўлган тақдирда ҳам бизга хосиятли, яхши роллар, савияли, юки бор сценарийлар учрасин, деб ният қиламан. Биринчи навбатда сценарийга, ундан сўнг менга тўланадиган гонорарига қарайман. Шу айтганларимдан иккиси ҳам номаъқул бўлса, мен у фильм ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайман.

— Ўйлаб ўтирмасдан фильмида суратга тушишни рад этадиган режиссёрларингиз борми?

— Танимаган режиссёрларимни рад этишим мумкин. Шунда ҳам бирдан рад этмайман — улар билан суҳбатлашаман. Агар суҳбат жараёнида у мени нимагадир ишонтира олса, фильм сценарийсини ўқиб чиқиб, розилик билдиришим ҳам мумкин.

Foto: “Oyqiz ertagi” filmini suratga olish jarayonidan lavha

Фото: «Ойқиз эртаги» фильмини суратга олиш жараёнидан лавҳа

— Қайси ўзбек режиссёрларининг фильмларида суратга тушишни орзу қиласиз?

— Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов, Санжар Маткаримов, Мансур Васати.

— Кун келиб ўзингиз ҳам режиссёрлик қилишингиз мумкинми?

— Албатта, яхши режиссёр актёрлардан чиқади, деган гап ҳам бор-ку. Келажакда яхши режиссёр бўлишга ҳаракат қиламиз. Ҳали бунга анча бор. Ҳозир эса ўз устимизда тинимсиз меҳнат қилишимиз ва ўқишимиз керак.

— Қайси ўзбек актёрларини тан оласиз, ижодини ҳурмат қиласиз?

— Мурод Ражабов, Ёдгор Саъдиев, Муҳаммадисо Абдулхайиров, Карим Мирҳодиев.

— Ёш, тенгқур актёрлардан-чи?

— Институтда ўқиб юрган вақтларим Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошевни яхши актёр, ижодкор сифатида билардик.

— Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошев ижоди ҳақида ҳозир фикрингиз бошқачами?

— Ундай эмас, талабалик вақтингизда уларга мухлис даражасида, камчиликларини ҳам кўрмай баҳо берар экансиз. Кейинчалик, тажриба ошиб боргани сари, ижодкор нуқтаи назардан қараганда, уларда ҳам камчиликлар бўлиши кўринар экан. Бу кўролмаслик ёки ҳасад эмас, бор-йўғи профессионал назар, уларнинг хатодек кўринган ҳаракатларидан сабоқ чиқаришдир. Улар бизга устоз даражасида, минг қилсак ҳам уларнинг ўрнини ололмаймиз, чунки Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошев санъатда, кино оламида ўзига хос ўрин эгаллаб бўлган.

— Қайси актрисалар, партнёрлар билан ишлаш осон?

— Юлдуз Ражабова, Асал Шодиева билан яхши тил топишиб ишлаганмиз. Одатда партнёр танламайман. Муҳими, фикримиз тўғри келса, мен боғдан келганимда, шеригим тоғдан келмаса бўлди.

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.