2015 йилнинг февралида лотереяда уч миллион долллар ютиб олган Американинг Жоржия штатида яшовчи Ронни Мьюзик гиёҳванд моддалар савдосида иштирок этганлиги учун қўлга тушди. ABC News’нинг маълум қилишича, 45 ёшли эркак ўз айбини тан олди.
Терговчиларнинг маълумотига қараганда, америкалик метамфетаминни сақлаш ва тарқатиш учун бошқа шахслар билан келишган.
«Мьюзик миллионлаб долларни гиёҳванд моддаларни харид қилиш ва сотишга тикиб, омадини синаб кўришга қарор қилган. Нотўғри инвестициявий стратегия туфайли унга ўн йиллаб қамоқ жазоси хавф солмоқда», — дея маълум қилди прокурор Эд Тарвер.
Мьюзик 2015 йилнинг сентябрида умумий қиймати 500 минг доллар бўлган 11 фунтга яқин (беш килограмм атрофида) метамфетаминни сотишга уринган пайтда қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тинтув давомида 1 миллион доллар миқдоридаги гиёҳванд моддаларни, ўқотар қурол, минглаб патронлар, бир нечта автомобиль ва 600 минг доллар нақд пулни мусодара қилган.
Изоҳ (0)