Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) ФИФАнинг ахлоқ-одоб қўмитасини Россия спорт вазири, ФИФА ижроия қўмитаси аъзоси ва Россия футбол иттифоқи раҳбари Виталий Мутко фаолиятини текширишга чақирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
WADA тарқатган матбуот хабарномасида айтилишича, Виталий Мутконинг Сочи Олимпия ўйинларида рўй берган допинг қаллобликларидаги иштироки фош этилгани жиддий текширувга сабаб бўлиши лозим.
Бугун, 18 июль куни WADA мустақил комиссияси Сочидаги допинг жанжали юзасидан ўтказилган тафтиш якунларига бағишлаб Канаданинг Торонто шаҳрида матбуот анжумани ўтказди. Унда комиссия раҳбари Ричард Макларен амалга оширилган қаллобликдан Мутко ҳам бохабар бўлганини ва бунда бевосита иштирок этганини айтди.
«Макларен ҳисоботи шуни тасдиқлайдики, РФ спорт вазирлиги ҳамда бошқа давлат идора ва муассасаларида ўтирган, ҳисоботда тилга олинган барча шахслар лавозимларидан кетмагунига қадар RUSADA’нинг эътирофларини WADA кодексига мувофиқ деб топиб бўлмайди», — дейилади хабарномада.
Шунингдек, агентлик россиялик амалдорларни барча мусобақалар, жумладан, Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларига яқинлаштирмасликни тавсия этди.
«Россия ҳукумат мансабдорлари халқаро мусобақалар, жумладан, 2016 йилги Олимпия ўйинларига яқинлаштирилмаслиги лозим», — хулоса қилинади ҳужжатда.
Изоҳ (0)