15 июлда Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокама қилинди ва республика ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2016 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мажлисда республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантириш асосий прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши, ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш, саноат, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилманинг ишга тушириладиган энг муҳим объектларини фойдаланишга топшириш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турлари ва ҳажмларини кенгайтириш, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини изчил қисқартириш, хусусий мулкни янада ривожлантириш, хорижий инвесторларни акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига жалб этиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий методларини, энг аввало, янгидан ташкил этилган тузилмаларда жорий этиш бўйича дастурий чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарадорлиги ҳар томонлама кўриб чиқилди ва танқидий таҳлил қилинди.
Иқтисодиётни ислоҳ қилишни, таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга ўсишини таъминлади. Саноат ҳажмлари 6,7 фоизга ўсди. Қурилиш ишлари ҳажми 17,5 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 12,9 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.
Молия-банк тизими барқарорлигини янада ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар банклар жами капиталининг 23,3 фоизга ва депозитларнинг 27,7 фоизга ўсишини таъминлади, бу иқтисодиётни кредитлаш ҳажмларининг 26,2 фоизга кўпайишига кўмаклашди. Барча банк кредитларининг қарийб 80 фоизи инвестиция мақсадларига берилган узоқ муддатли кредитлардир.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш, диверсификациялаш ва оптималлаштириш дастурий чора-тадбирларини фаол амалга ошириш давом эттирилди. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга давлат буюртмаси жорий этилди. Ғўза майдонлари қисқартирилди, бўшаган майдонларга мева-сабзавот экинлари экилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизга кўпайди.
Йил бошидан буён 462,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Уларнинг 276,7 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойлардадир.
«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш тизимини янада мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобига 4,4 триллион сўмдан кўп ва 111 миллион доллар миқдорида маблағлар йўналтирилди.
Стратегик инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш ва жорий йилда ишга тушириладиган муҳим объектларни ҳамда саноат қувватларини, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилма объектларини ўз вақтида фойдаланишга топширишни сўзсиз таъминлаш масалалари мажлис қатнашчиларининг диққат-эътибори марказида бўлди. Қайд этиб ўтилдики, кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмларини 11,8 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитларни 17,2 фоизга кўпайтириш таъминланди. Жами қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 43 та ишлаб чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 72 та янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 бараварга ошиши таъминланди.
Фарғона водийси вилоятларини республиканинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри темир йўл орқали боғлайдиган, 19,2 километр узунликдаги ноёб туннелга эга бўлган 123,1 километр узунликдаги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўл линияси ишга туширилди. Самарқанд-Бухоро темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳаси ниҳоясига етказилмоқда. Узунлиги 1250 километрдан ортиқ бўлган кенг полосали тола-оптик алоқа линиялари барпо этилди. Аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 68 фоизга етказилди. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 13 мингта якка тартибдаги уй-жойни қуриш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Қайд этилдики, жаҳон бозорларида конъюнктуранинг нобарқарорлигига ва ноқулайлигига қарамай, экспортни кўпайтириш резервларини максимал жалб этиш, экспорт қилувчи корхоналарни фаол рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмларининг жадал суръатлар билан ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлади. Йил бошидан буён илгари ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган қарийб 600 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, маҳсулотларнинг 208 та янги турларини экспорт қилиш ўзлаштирилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни кўпайтириш таъминланмоқда.
Мажлисда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини тубдан қисқартириш, давлат активлари ва улушларини хорижий инвесторларга сотиш ҳисобига хусусий мулкни жадал ривожлантириш ҳамда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий методларини жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг ҳолати ва натижадорлигига алоҳида эътибор берилди. Қайд этиб ўтилдики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида хусусий мулкка қарийб 267,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция мажбуриятлари қабул қилган ҳолда 305 та давлат активлари сотилди. Ўтган даврда хорижий инвесторларга 30 та акциядорлик жамиятидаги улушлар сотилди. Устав фондларида давлат улушига эга бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 374 та ўрнига 202 тагача қисқарди.
Мажлисда, шунингдек, давлат раҳбари қарори асосида янгидан ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, Миллий университетда, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ҳамда Тошкент давлат техника университетида таълим жараёнини янада такомиллаштириш борасида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Бунда олий таълим муассасасидаги таълимнинг илм-фан билан ўзаро мустаҳкам алоқасини илғор жаҳон тажрибаси асосида таъминлашга, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларига мувофиқ ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифати ва даражасини тубдан оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича белгиланган тадбирларнинг бажарилиши ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари олдига Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали нишонлаш бўйича ташкилий-амалий, маданий-маърифий ва ахборот-тушунтириш тадбирларини сифатли амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва республика вилоятлари ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2016 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Изоҳ (0)