Актёр Йигитали Мамажонов «Ҳордиқ» газетасига берган интервьюсида хонанда, собиқ турмуш ўртоғи Райҳон билан нима сабабдан ажрашганига қисман тўхталиб ўтди. Мазкур нашр Йигиталига санъаткорлардан тушган саволлар билан мурожаат қилди, деб хабар беради «Дийдор азиз».
Хусусан, Шоҳида Узоқова актёрга шундай савол берди:
«Саволим сизга бироз оғир ботиши мумкин. Фарзанд Аллоҳнинг мўъжизаси. Сиз нима бўлган тадқирда ҳам оилани сақлаб қолишингиз керак эди. Нега бунга ҳаракат қилмадингиз?»
Йигиталининг ушбу саволга жавоби қуйидагича бўлди:
«Инсон бировнинг ҳаётини билмасдан туриб бунақа хулосага келиши нотўғри. Ҳар бир инсон бошидан ўтганини ўзи билади ва ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Ҳаракат қилмади, деган қарорга келиш менинг ҳақиқатимга тўғри келмайди. Мен болаларим отасиз ўсмаслиги учун уриндим, чунки ўзим 8 ёшда отадан етим қолганман. Отасиз қанча қийинчиликни кўриб улғайганим фақат ўзимга аён ва доим ният қилардимки, фарзандларимни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайман деб. Ҳаётда биз ўйламаган ва бизга тегишли бўлмаган нарсалар кўп бўлар экан. Ҳалигача дадам билан кулишиб нонушта қилган бахтли дамларимни кўз олдимга келтираман ва фарзандларим билан ҳам шунақа самимий муносабат ўрнатаман, дердим. Нимага биз болаларимизни тўлиқ оила меҳрини ҳис қилишидан маҳрум қилдик? Мени бирга яшашни хоҳламайди, деб ўйлайсизми? Фарзандларимни қанчалик яхши кўришим фақат ўзимга аён. Мен уларнинг ҳам отасиз катта бўлишини умуман истамаганман. Ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаганман. Оилани сақлаб қолиш фақат эркак кишининг қўлида бўлганида мен бор-йўғимдан воз кечиб бўлса ҳам оиламни сақлаб қолардим. Бунақа гаплар бўлишини оила қуришдан олдин ҳам сезганман, лекин мен шу инсонни бахтли қилиш учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Бунақа йўқотишларни билиб туриб ҳам қанақа курашмаслигим мумкин? Бошида мен шунчаки тақдир экан, деб кетганим йўқ, ҳақиқий эркак қилиши керак бўлган ишларни қилдим, аммо натижа мен кутганчалик бўлмади. Бошимга тушганини мен ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайман».
«Менга охирги вақтларда шу савол жуда кўп бериляпти, — сўзида давом этди санъаткор. — Ажрашишимизга жиддий сабаблар бўлганки, биз шу тақдирни танладик. Шахсий ҳаётда аслида нима бўлганини, айтганимдек, фақат ўзимиз биламиз. ‘Нимага оиладаги тушунмовчиликларга кўз юммадингиз?’ дейишади. Нега кўз юмиш керак? Меъёрдан ошиб кетганда ҳам жим қараб туриш керакми? Мен, Яратганга шукр, мусулмон оилада катта бўлганман ва бизнинг оилада эркак киши ҳукмрон бўлган, аёл эмас! Ҳар бир буюк эркакнинг ортида оқила ва доно аёл турган бўлади, айёри эмас».
Изоҳ (0)