Тошкентнинг «Обод» клуби Александр Мочиновни бош мураббий сифатида ишга таклиф қилди. Бу ҳақда «Championat.asia» хабар берди.
Александр Мочинов ўз вақтида «Оқтепа», «Бунёдкор», «Бухоро» ва «Сўғдиёна» каби клубларда фаолият олиб борган, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан Осиё Чемпионатида иштирок этган. Бу борада унга ёрдамчилик қилган Анатолий Курлаев «Обод» сафида ҳам Мочинов билан бирга бўлади.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Олий Лигасида биринчи бор иштирок этаётган «Обод» футбол клуби мавсумнинг ортда қолган 12 та туридан кейин сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Тошкент жамоаси 12 та учрашувнинг 9 тасида имкониятни бой бериб улгурди.
Александр Мочиновга қадар клубни бошқариб келган Бобур Зухриддинов жамоада олиб қолинди. 1992 йилда таваллуд топган ёш мутахассис «Обод»даги фаолиятини давом эттиради.
Маълумот учун, Олий Лига доирасида «Обод»га қадар яна 4 та жамоа мураббий ўзгартириб улгурди. Аввалроқ Ғузорнинг «Шўртан», Қўқоннинг «Қўқон—1912», Наманганнинг «Навбаҳор» ва Тошкентнинг «Пахтакор» клубларида ҳам бош мураббийлар истеъфоси кузатилганди.
Изоҳ (0)