Россия Туркия раҳбариятидан Су-24 бомбардимончи самолётининг уриб туширилиши ва учувчи Олег Пешковнинг ҳалокати учун узр, тушунтиришлар ва товон пули кутмоқда. Бу ҳақда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтди, деб хабар беради «ТАСС».
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Москва билан мулоқотни йўлга қўйиш нияти изҳор этилган баёнотига изоҳ бераркан, Песков яна Су-24 масаласини ўртага ташлади.
«Ўзимни бошқа давлат президентига маслаҳат беришга ҳақли деб ҳисобламайман, бу тўғри бўлмас эди. Лекин давлатимиз президентининг тегишли баёнотларини эсга солиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб биламан», — деди Кремль вакили.
«Айнан президентимиз учувчимиз ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб тажовузкор ва хоинона ҳаракатлардан сўнг Россия томони, табиийки, кечирим сўралишини, бўлиб ўтган воқеалар юзасидан тушунтиришлар берилишини, уриб туширилган самолёт учун товон пули тўланишини кутаётганини таъкидлаб ўтганди. Афсуски, Туркия томони шу пайтга қадар бу борада бирор қадамни амалга оширмади», — қўшимча қилди у.
2015 йилнинг 24 ноябрь куни Россиянинг Су-24 самолёти Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилган эди. Ҳалокатга учраган самолётдан парашютда тушаётган учувчи Олег Пешков Сурия ҳудудидаги жангарилар тарафидан отиб ўлдирилган эди.
Изоҳ (0)