Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси АҚШга ядровий ёқилғи етказиб бериш истиқболларини ўрганмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
«Росатом» таркибидаги «ТВЭЛ» ёқилғи компанияси директори ўринбосари Олег Григорьевнинг «Атомэкспо 2016» форуми доирасидаги брифингда таъкидлашича, атом энергияси бўйича Россия давлат корпорацияси АҚШ ядровий ёқилғи бозорининг 10 фоизлик улушига эгалик қилишдан умидвор.
Илгарироқ World Nuclear News портали Вашингтон ва Москва Россиянинг ТВС-К типидаги ядровий ёқилғисини АҚШ атом станциялари бозорига чиқариш учун стратегик альянс тузиши мумкинлигини хабар қилган эди. Бунинг учун лойиҳани АҚШ ядровий назорат комиссияси маъқуллаши талаб этилади.
«ТАСС»га маълум бўлишича, бу ахборот ҳақиқатга яқин бўлиб, «ТВЭЛ» АҚШнинг Global Nuclear Fuel Americas компанияси билан ҳамкорликда ТВС-К типидаги ёқилғи йиғмаларини ишлаб чиқариш ва лицензиялаш билан шуғулланади. Йиғмалар Шимолий Каролина штатининг Уилмингтон шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилади.
Илк намунавий маҳсулотлар 2018 йилда АҚШ реакторларига қуйилади.
Изоҳ (0)