Қутқарувчилар Эверест чўққиси ёнбағрида ғойиб бўлган тўрт нафар ҳинд альпинистларидан охиргисининг танасини топди. Бу ҳақда, Himalayan Times нашрига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳалок бўлган альпинист дунёдаги энг баланд чўққини забт этишга отланган тўрт кишилик гуруҳ таркибида эди. 21 май, шанба куни гуруҳнинг барча аъзолари бедарак йўқолди. Эртаси куни икки киши топилди, лекин қутқарувчилар уларни эвакуация қилаётган чоғда гуруҳ аъзоси Субхаш Пал оламдан ўтди.
27 май куни гуруҳнинг учинчи аъзоси — 58 ёшли Пареш Чандра Натхнинг танаси саккиз минг метр баландликдан топилди. Охирги альпинист — Гоутам Гхошнинг тақдири номаълум бўлиб қолаётганди. Экспедициянинг омон қолган аъзоси — Лакпа Шерпа ўша куниёқ унинг жасади топилганини маълум қилди.
Экспедиция ташкилотчиси, «Непал» альпинистлар лагери бошқарувчи директори Ванчу Шерпа Гхош ва Парешнинг таналари тоққа хавфсиз чиқиш мавсуми якунлангани боис жорий йилда эвакуация қилинмаслигини айтиб ўтди.
«Қутқарувчилар ёмон об-ҳаво туфайли ҳинд альпинистлари Гоутам Гхош ва Пареш Натхнинг таналарини қайтариш ҳаракатларини тўхтатди. Биз уларни кейинги мавсумда эвакуация қилишдан умидвормиз», — тан олди у.
Гоутам Гхош охирги ўн кунда Эверестда ҳалок бўлган бешинчи альпинист бўлди. Йигирманчи май куни 35 ёшли Нидерландия фуқароси Эрик Арнольд, эртаси куни эса австралиялик аёл Мария Стридом ҳалок бўлганди.
Изоҳ (0)