Тиббиёт соҳасининг 152 мутахассиси 2016 йилги Олимпия ўйинларини Зика вируси боис Рио-де-Жанейродан бошқа ерга кўчириш ёки уни бекор қилиш сўралган хатни имзолади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Ченга қаратилган мурожаат Rio Olimpics Later сайтида жойлаштирилди, деб хабар бермоқда «РБК».
Мактубда таъкидланишича, 500 минг хорижлик турист Зика вирусига чалиниши таҳдиди мавжуд. Хасталик Африка ва Жанубий Осиёнинг қашшоқ давлатларида тарқала бошласа, вазият янада чигаллашади.
«Бир муддатга қолдирилган тақдирда ҳам барибир ўтказиладиган ўйинлар учун бундай хатарни бўйинга олиш ахлоқ меъёрларига зиддир», — дейилади баёнотда.
Рио-де-Жанейро Бразилиянинг хасталик қайд қилинган шаҳарлари рўйхатида иккинчи ўринда туради.
Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинлари 2016 йилнинг август ойида бўлиб ўтиши керак.
Изоҳ (0)