Япония автомобиль компаниялари мамлакатда сотилган яна 7 миллионта автомобилни Takata фирмасига тегишли хавфсизлик ёстиқларидаги носозликлар туфайли чақириб олади, деб ёзади «ТАСС» Япония Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлигига таяниб.
Айнан қайси автоконцернлар чақирувни амалга ошираётгани ҳамда муайян моделлар номлари кўрсатилмаяпти. Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакат ичида Takata фирмасининг хавфсизлик ёстиқларидаги носозликлар туфайли чақириб олинган автомобиллар сони 19,6 миллионтага етган.
Япониянинг Takata компанияси 2014 йилда можаро ўртасида қолган эди. АҚШ ҳукумати ушбу компания томонидан ишлаб чиқарилган хавфсизлик ёстиқлари пиропатроннинг носозлиги туфайли ҳалокат чоғида нотўғри очилиши, ёрилиб кетиши ва автомобиль ичидаги одамларга металл бўлакларини «отиши»ни аниқлаган эди. Бундай ҳодисалар натижасида 11 киши ҳалок бўлди, улардан 10 нафари АҚШликдир. Бундай муаммолар туфайли чақириб олинган автомобиллар сони дунё бўйича 100 миллиондан ошди.
Изоҳ (0)