Испания футбол клубларининг халқаро майдондаги иштироки тобора яхшиланиб бораётгани, мамлакатнинг УЕФА коэффицентлар жадвалидаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатмоқда, деб хабар берди «Чемпионат».
Европа Чемпионлар Лигасининг финалига бир эмас, иккита испан клуби йўлланма олди. Бу натижа Европа Лигасида ҳам такрорланиши мумкин эди. «Севилья» мусобақанинг финалига кетма-кет учинчи бор йўлланмагани қўлга киритган бўлса, Англиянинг «Ливерпуль» клубидан мағлуб бўлган «Вильярреал» ўз тарихида тўртинчи бор Европа Лигасининг ярим финалида муваффақиятсизликка учради.Шунга қарамай, Испания клублари ҳар икки мусобақанинг ярим финалидан кейин 0,429 очко ишлай олди. Бунинг натижасида Испания жорий мавсум ҳисобидан рейтингдаги очколари сонини 23,357 га етказди. Бу эса 1 та мавсумда жамғарилган очколар рекордини янгилади.
Қайд этиш керак, аввалги рекорд ҳам Испаниянинг ўзига тегишли бўлиб, 2013/14 йилги мавсум давомида мамлакат футбол федерацияси УЕФА рейтингида 23,000 балл тўплашга муваффақ бўлганди.
23,357 балли рекорд ҳали ҳаммаси эмас. Европа Чемпионлар Лигасининг финалида «Реал» ҳамда «Атлетико», Европа Лигасининг ҳал қилувчи ўйинида эса «Севилья» иштирок этиши инобатга олинса, Испания бу кўрсаткичини янада яхшилаб олади.Маълумот учун, УЕФА коэффицентлар жадвалидаги баллардан келиб чиқиб, Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси учун мамлакатларга квота ажратади. Унга кўра Европада Испаниядан кейинги ўринни Германия эгаллаб турибди. 2015/16 йилги мавсум ҳисобидан мос равишда Англия, Россия, Италия, Франция, Португалия, Украина, Бельгия ҳамда Чехия 10 таликдан жой олган.
УЕФА клубларининг 2015/16 йилги коэффицентида ҳам Испаниянинг икки клуби — «Реал» ҳамда «Барселона» етакчи, учинчи поғонада Германиянинг «Бавария» клуби бор. Клубларнинг умумий рейтингида «Реал» пешқадам бўлса, кейинги уч ўрин «Бавария», «Барселона» ва «Атлетико»га тегишли.
Ассоциациялар рейтигида ҳам Испания пешқадамликни ҳеч кимга бермаган. Кейинги ўринлар Германия, Англия, Италия ва Португалияга насиб қилган.
Изоҳ (0)