Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ITF туркумига кирувчи, соврин жамғармаси 10 минг доллардан иборат Shymkent Open теннис турнири давом этмоқда, деб хабар беради «Оламспорт».
Саралаш баҳслари орқали асосий босқичга чиққан Ўзбекистон вакили Комола Умарова чорак финалда турнирнинг олтинчи ракеткаси, беларуслик Светлана Пираженкадан 7:6, 2:6, 7:5 ҳисобида устун келиб, ярим финалга чиқди. Унинг навбатдаги рақиби беларуслик Илона Кремень бўлади.
16 ёшли Умарова биринчи даврада россиялик Полина Новиковани 4:6, 6:2, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратди. Иккинчи даврада грузиялик Софиа Квацабаяга қарши баҳс олиб борган ўзбекистонлик теннисчи дастлабки сетни 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди. Иккинчи сетда 1:2 ҳисобида ортда бораётган грузиялик теннисчи учрашувни давом эттира олмаслигини маълум қилганди.
Мусобақанинг биринчи ракеткаси сифатида қайд этилган ўзбекистонлик Сабина Шарипова эса кутилмаганда чорак финал баҳсида турнирнинг саккизинчи ракеткаси, россиялик Анна Калинскаяга 2:6, 3:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, Шарипова илк даврада қозоғистонлик Арина Талуэнкони 6:1, 6:1, иккинчи эса даврада россиялик Екатерина Казионовани 6:1, 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)