Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Германиянинг Мюнхен шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 520 070 еврони ташкил қилувчи BMW Open теннис турнирининг жуфтликлар баҳсини ғалаба билан бошлади.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, россиялик Михаил Елгин билан тандем ҳосил қилган 29 ёшли Ўзбекистон вакили жуфтликлар баҳси илк даврасида австриялик Филипп Освальд ва чехиялик Лукаш Росол дуэтига қарши баҳс олиб борди. Бир соат 33 дақиқа давом этган беллашувда 7:6, 3:6, 10:8 ҳисоби қайд этилиб, Истомин/Елгин жуфтлигининг ғалабаси билан якунланди.
Жуфтликлар баҳси чорак финалида Истомин/Елгин тандеми германиялик Геро Кречмер/Александр Сачко ҳамда австралиялик Юлиан Ноул/Александр Пея дуэти ўртасидаги учрашув ғолибига қарши кортга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Денис Истомин яккалик баҳслари илк даврасида чехиялик Лукаш Росолга қарши баҳс олиб бориб, 7:6, 4:6, 6:7 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Изоҳ (0)