Франция молия вазирлиги McDonald’s компаниясидан солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун 300 млн евро ундирмоқчи
Франция молия вазирлиги АҚШнинг McDonald’s тез овқатланиш ресторанлари тармоғини мамлакат ҳудудида солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, компаниядан 300 миллион евро ундиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда, Express журнали ахборотига таяниб, «ТАСС» ёзмоқда.
Идора мутасаддиларининг ҳисоб-китобига қараганда, тўланмаган солиқларнинг умумий ҳажми 300 миллион еврога боради; бу сумманинг 100 миллион евролик қисмини жарима ташкил қилади.
2013 йилда компания офисида тўланмай қолган солиқ миқдорини аниқлаш мақсадида тинтувлар ўтказилган эди. Ўша пайтда Франция расмийлари McDonald’s 2,2 миллиард евро солиқ яширган, деган фикрда эди — айнан шу миқдордаги пуллар Люксембург ва Швейцариядаги филиалларга ноқонуний чиқарилган деб ҳисобланарди. 2015 йилда бир йўла учта касаба уюшмаси компанияни беш йил ичида Франция хазинасига 1 миллиард евро солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблаган эди.
McDonald’s компанияси Франциядаги энг йирик солиқ тўловчилардан биридир.