Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ўз раҳбари Владимир Путиннинг Süddeutsche Zeitung газетаси америкаликларга алоқадорлиги ҳақидаги баёноти учун узр сўради. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Унинг сўзларига қараганда, давлат раҳбари учун тайёрланган материалларда хатолик бўлган.
«Уларда ҳақиқатан текширилмаган маълумот бўлган, яна бир қайта текширмасдан, президентга тақдим этилган, Süddeutsche Zeitung газетасининг эгаси ҳақидаги қисмида. Биз нашрдан узр сўраймиз», — деди Дмитрий Песков.
Аввалроқ Владимир Путин офшорлар ҳақидаги ҳужжатларнинг эълон қилинишига АҚШ расмий муассасалари ходимлари алоқадор эканлиги, номаълум манба «Панама архиви» материалларини етказган Германиянинг Süddeutsche Zeitung нашри америкаликлар бошқарадиган медиахолдинг таркибига киришини таъкидлаганлиги ҳақида маълум қилинган эди. Бунга Путин «Ҳамма жойдан буюртмачининг қулоғи кўриниб турибди», деб изоҳ берган эди.
Süddeutsche Zeitung газетаси Россия президенти Владимир Путиннинг баёнотини рад этди. Газета ижрочи директори Стефан Хильшернинг таъкидлашича, нашр америкаликларга тўғридан-тўғри ҳам, воситачилар орқали ҳам тегишли эмас. Газетани Süddeutscher Verlag гуруҳи чоп этади, у эса ўз навбатида Südwestdeutschen Medienholding (81,25 фоиз) холдингига ва газета асосчилари оиласига (18,75 фоиз) қарашли.
Изоҳ (0)