Қирғизистон бош вазири Темир Сариев истеъфо берди. Бу ҳақда у 11 апрель, душанба куни вазирлар маҳкамасининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Бир неча кун аввал мамлакат транспорт ва коммуникациялар вазири Арғинбек Малабаев бош вазир ва унинг атрофидагиларни Балиқчи—Корумду автойўли қурилиши тендерини ўтказишда Хитой компанияларидан бири манфаатларини кўзлаганликда айблаганди. Мазкур айблов тафсилотларини ўрганиш учун депутатларнинг махсус комиссияси тузилган ва ушбу комиссия парламентга 13 апрель, чоршанба куни Сариевга ишончсизлик билдириш масаласини қўйишни тавсия қилганди.
Темир Сариевнинг айтишича, автойўл қурилиши тендери бўйича депутатлик комиссияси йиғилиши ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва у чиқарган қарор адолатсиздир.
«Ишни топширишдан қочмайман, бироқ ҳалол ишлаганлигим ва ҳеч қачон тубан сиёсий фитналарда иштирок этмаганлигимни исботлайман. Мен учун давлат манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Бу тамойилга доим амал қиламан ва барча асоссиз айбловларни меҳнатим билан инкор этишга тайёрман», — дея таъкидлаган Сариев.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина бош вазири Арсений Яценюк истеъфога чиқишини маълум қилганди.
Изоҳ (0)