Мўйқалам ўрнига кўчат тутган Бахт ва метро бўйидаги Лола (фотоэссе)
“Буюк Ипак йўли” метро бекатидан чиқилса, атрофда ҳаёт қайнайди: юз-кўзида мамнуният аралаш чарчоқ уқиладиган — шошиб ишга, ўқишга кетаётганлар; қўл ушлашиб бамайлихотир одимлаётган кексалар; шу атрофга йўли тушган ўткинчилар бир томон-у, челакдан “стул”, селофан пакетлардан “стол” ясаб, қайноққина Тошкент хоними, қайнатилган жўхори, мавсумий гуллар сотиб ўтирган сотувчилар бир томон...
Ўша сотувчилар орасида баҳорда лола, кузда астра сотиб ўтирадиган 55 ёшли озодбошлик Солиҳа исмли гулчи опа ҳам бор. “Дарё” фотомухбири Жавҳар Чоршанбиева “Бир кун” лойиҳаси доирасида метро йўлининг охирги бекатидаги гул сотувчиларидан бирининг оиласи ва “тирикчилиги” ҳақида фотоэссе тайёрлади.