Тошкентнинг Сарикўл кўчасида сарой рақами 3109 бўлган, йўналиш рақами 17 бўлган трамвай издан чиқиб кетди. Бу ҳақда Facebook’даги автоҳаваскорларнинг гуруҳларида фото- ва видеохабарлар қолдирилган.
«Водители Ташкента» гуруҳига жойлаштирилган фотохабарда издан чиқиб кетган трамвай Nexia’га бориб урилганини кўриш мумкин. «Водители Ташкента (Drivers.uz)» гуруҳида эълон қилинган видеода эса трамвай кран ёрдамида изга қўйилаётганини кўриш мумкин.
Facebook фойдаланувчиларининг қайд этишича, мазкур ҳодиса юз берган ҳудудда нафақат автомобиль йўлларининг, балки трамвай изларининг аҳволи яхши эмас, трамвайларнинг издан чиқиб кетиши ҳолати бу ерда тез-тез юз бериб туради.
Маълумот учун, аввалроқ 2016 йил давомида Тошкент шаҳрида барча трамвай йўналишлари тугатилиши, уларнинг излари демонтаж қилиниши ёки кўмиб юборилиши ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)