Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун «Ташаббус – 2016» кўрик-танловининг республика босқичи якунланди, дея хабар бермоқда ЎзА.
«Туркистон» саройида ташкил этилган экспозицияда озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббиёт препаратлари, маиший техника, либослар, мебель маҳсулотлари, заргарлик безаклари, гиламлар, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар тақдим этилди. Ҳар бир экспонент стендида тадбиркорлик фаолиятининг ютуқлари ва имкониятлари намойиш қилинди.
Анъанага кўра, «Туркистон» саройида «Ташаббус – 2016» кўрик-танлови ғолибларининг номи тантанали равишда эълон қилинди.
Ғолиблар учта асосий – «Йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши фермери» ва «Йилнинг энг яхши ҳунарманди» йўналишлари, шунингдек, «Йилнинг энг ёш тадбиркори», «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшлар учун энг кўп иш ўринлари ташкил қилган тадбиркор», «Менинг Ватаним – менинг фахрим», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби», «Озиқ-овқат саноатида йилнинг энг яхши тадбиркори», «Йилнинг энг яхши маҳсулоти», «Йилнинг энг яхши экспортчиси» ва «Энг яхши масъулиятли ижтимоий шерик» каби қўшимча номинациялар бўйича аниқланди.
«Йилнинг энг яхши тадбиркори» номинациясида Наманган вилоятидан Aisha Home Textile қўшма корхонаси раҳбари Жобир Камолиддинов ғолиб бўлди. Мазкур корхона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Тошкент вилоятидан Исматилла Дадабоев «Йилнинг энг яхши фермери» деб топилди. Унинг раҳбарлигидаги хўжаликда пахта ва ғалла етиштирилади, қорамол ва парранда парвариш қилинади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланади.
Тошкент шаҳридан Мадина Қосимбоева «Йилнинг энг яхши ҳунарманди», деб эълон қилинди. У каштачилик ва сўзана маҳсулотлари ишлаб чиқаради.
Изоҳ (0)