Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши «йўқликка сакраш» бўлиб, у турмуш даражасига салбий таъсир қилади, иш ўринларининг камайишига сабаб бўлади, шунингдек, Европа бозоридаги савдо имкониятларини чеклайди. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон The Daily Telegraph газетасининг электрон версиясида чоп этган мақоласида маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Ягона бозордан чиқиш хизмат кўрсатиш соҳасига жиддий зарба беради, айнан шу соҳада иқтисодиётимиз энг катта хатарга дуч келади», — деб таъкидлади Британия бош вазири мамлакатнинг кино ишлаб чиқариш, реклама ва суғурта тадбиркорлиги бўйича консалтинг ва аудиторлик хизматларини тақдим этишдаги етакчи ролига урғу бериб.
«Хизмат кўрсатиш соҳасидаги тармоқларимиз йилига ўртача 3 фоизга ўсмоқда ва иқтисодиётнинг деярли 80 фоизини ташкил этмоқда. Бунда унинг 40 фоизини Британия экспорти ташкил этиб, бугунги кунда Европа энг йирик бозор ҳисобланади», — деди Кэмерон.
У, шунингдек, янги таҳлилларга мувофиқ ушбу соҳадаги иш ўринларининг икки миллиони бевосита ёки билвосита экспорт билан боғлиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)