FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай—Ростов-Дон рейси бўйича учиши лозим бўлган сайёҳлардан бири туғилган кунини нишонлагани сабабли самолётдан кеч қолгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Натали Турс» компанияси мутасаддиларидан бири маълум қилган, дея хабар беради «РИА Новости».
«Мижозларимиздан бири — 1982 йилда туғилган Эльвира Исаева дугонаси билан туғилган кунини нишонлаб, меҳмонхонага кеч келган ва аэропортга улгурмаган. Айни пайтда у Дубайда бўлиб турибди, бизнинг ҳисобимиздан меҳмонхонада истиқомат қилиши тўрт кунга узайтирилган. Бир неча кундан сўнг Эльвира Россияга қайтиши мумкин», — дея таъкидлаган мутасадди.
Эслатиб ўтамиз, 19 март, шанба куни FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)