Германияда автомобиль одамларни босиб кетди (видео)
Германиянинг Лейпциг шаҳрида автомобил пиёдалар ҳудудида одамларни босиб кетди, оқибатда икки киши ҳалок бўлди, уч киши оғир жароҳатланди. Бу ҳақда Лейпциг шаҳар расмийси Буркхард Юнгга таяниб Deutsche Welle хабар берди.
Ҳайдовчи Лейпциг маркази бўйлаб юқори тезликда ҳаракатланган. Ҳодиса Гриммайшештрассе кўчасида содир бўлган. Қурбонлар ва оғир жароҳатланганлардан ташқари яна 20 киши жароҳатланган. Ҳужумда 33 ёшли Германия фуқароси гумонланмоқда. Ҳайдовчи қаршилик кўрсатмасдан таслим бўлган.
“Биз жиноятчини автомобиль ичида қўлга олдик”, деди Лейпциг полицияси бошлиғи Рене Деммлер.
Прокуратура икки кишини ўлдириш ва камида яна икки кишига суиқасд қилишга уриниш юзасидан тергов бошлади. Тергов ушбу ҳодисани қасддан қилинган ҳужум деб баҳоламоқда. Ҳайдовчининг шериклари борлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
“Ҳайдовчи қўлга олинди ва ҳозирда у бошқа хавф туғдирмайди”, деди Лейпциг полицияси.
Воқеа жойига ўндан ортиқ тез тиббий ёрдам машинаси, қутқарув вертолёти, суд-тиббий экспертлар ва терговчилар жалб қилинган.
Маълумот ўрнида, 4 май куни Колумбияда монстр-трак оломонни босиб кетганди. Уч киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлган. 40 га яқин томошабин турли даражадаги тан жароҳатлари олганди. Воқеа жойида қутқарувчилар ва шифокорлар ишламоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, аёл трюк пайтида машина бошқарувини йўқотган.