“Ўзбекистон темир йўллари” хабарига кўра, поезд Тошкент Марказий вокзалидан соат 07:00 да жўнаб, Хивага 14:31 да етиб боради. Хивадан Тошкентга қайтиш рейси эса соат 07:20 да йўлга чиқиб, 14:51 да пойтахтга етиб келади.
Қатновлар ҳафтасига 3 кун амалга оширилади. Тошкентдан Хивага поезд сешанба, пайшанба ва шанба кунлари, Хивадан Тошкентга эса чоршанба, жума ва якшанба кунлари ҳаракатланади.
Янги йўналиш бўйича илк қатнов 3 май куни Тошкентдан, 4 май куни эса Хивадан амалга оширилади. Чипталарни темир йўл кассаларидан, шунингдек, eticket.railway.uz платформаси орқали электрон тарзда харид қилиш мумкин.
Скрин: Eticket.railway.uz
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март куни жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ушбу янги Hyundai Rotem юқори тезликда ҳаракатланувчи поездида Самарқанд шаҳридан Нарпай туманига борганди. Поезднинг узунлиги 175 метрни, сиғими эса учта — VIP, бизнес ва эконом тоифаларида 390 нафарга яқин йўловчини ташкил этади.
Поезд Ўзбекистон иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, жуда юқори ва жуда паст ҳароратларга ҳамда қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган, узоқ масофаларга мўлжалланган.