Италиялик жарроҳ Сержио Канаверо бошни кўчириб ўтказиш бўйича биринчи синов жарроҳлик амалиётига қанча маблағ ва куч талаб қилинишини ҳисоблаб чиқди. «РИА Новости» агентлигининг маълум қилишича, бундай амалиётда 42 нафар жарроҳ қатнашади, умумий харажатлар эса Россияда 10 миллион еврони ташкил қилади. Бу АҚШда сарфланиши лозим бўлган пулдан икки баробарга камроқдир.
«Биз инвестициялар учун очиқмиз. Мен буни шундай тушунтираман, негаки гап ягона жарроҳлик амалиётига пул тўплаш эмас, келажак сари технологик ва тиббий жиҳатдан катта қадам ташлаш ҳақида кетмоқда», — деди Канаверонинг мижози, россиялик дастурчи Валерий Спиридонов.
Даставвал Канаверо, агарда амалиёт АҚШда ўтса, унга 15—20 миллион евро сарфланишини чамалаган эди. Аммо Спиридонов россиялик бўлгани боис бу давлат учун сарф-харажатлар бошқатдан ҳисоблаб чиқилди.
Амалиётда 42 нафар жарроҳ иштирок этиши лозим бўлади. Улар бошни кўчириш давомида кун бўйи, бир-бирини алмаштирган ҳолда ишлайди. Тиббиёт ходимларга тўланадиган ҳақ 5 миллион еврога етиши мумкин.
Канаверо томонидан ясалган, асаб толаларини кесиш ва қайтадан улаш учун қўлланиладиган асбоб-ускуналарга 1 миллион евро кетиши тахмин қилинмоқда.
Бундан ташқари, барча тиббиёт ходимлари ва зарурий жиҳозлар сиғадиган амалиёт хонасини топиш асосий муаммо бўлиб турибди. Агарда бундай жой Россияда топилмаса, харажатлар икки карра ошиб кетади.
2015 йил февраль ойида италиялик нейрохирург Сержио Канаверо инсон бошини кўчириб ўтказиш бўйича илк операцияни 2017 йилда амалга оширишни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бел мушаклари атрофиясидан азият чекувчи Спиридонов шифокор билан Skype орқали мулоқотда бўлган. Ушбу касаллик билан оғриган болаларнинг 50 фоизи 1 ёшдан ошмаслиги айтилади, бироқ Спиридонов 31 га кирган ва олий маълумот олиши ҳам мумкин.
Валерий Спиридонов ўз бошини донор танага кўчириб ўтказишга рози бўлган. Операцияни италиялик жарроҳ 2017 йилда ўтказмоқчи. У операция учун махсус жамғарма очган бўлиб, шу йўл билан амалиёт учун маблағ йиғилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, номи келтирилмаган ҳомийлар инсон бошини кўчириб ўтказиш бўйича операцияни амалга ошириш учун 100 миллион доллар хайрия қилишга тайёр.
Изоҳ (0)