Қозоғистон Миллий матбуот клуби президенти Сейтқази Матаев катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда давлат хизмати масалалари вазирлиги қошидаги Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси ахборотига таянган ҳолда «ТАСС» хабар бермоқда.
Айтилишича, Матаев 1 миллион долларга яқин миқдордаги пулларни ўзлаштиришда, шунингдек, солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айбланмоқда.
Давлат бюджетидан «Казахтелеком» миллий компанияси ҳамда ахборотлаштириш қўмитасига ахборот сиёсатини юритиш учун маблағ ажратилган бўлиб, улар Миллий матбуот клуби ва «КазТАГ» ахборот агентлиги билан шартнома имзолаган. Ахборотлаштириш қўмитаси ҳисобига ўтказилган 80 миллион тенге (222 минг доллар) ва «Казахтелеком» ҳисобига ўтказилган 260 миллион тенге (722 минг доллар) Матаев томонидан ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, у 327 миллион тенге (908 минг доллар) миқдорида солиқ тўлашдан яширинганликда айбланмоқда.
«Адил сўз» халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилиш жамғармасининг маълумотларига қараганда, мазкур иш бўйича гумондорлардан бири саналган «КазТАГ» директори Асет Матаев ҳам ҳибсга олинган.