Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов нима учун Муножат Йўлчиева билан бирга «Уммон» гуруҳи ва Муниса Ризаеванинг биргаликдаги қўшиғини куйлаганини тушунтирди. Бу ҳақда «Даракчи» газетаси хабар бермоқда.
«Бу қўшиқни куйлашдан мақсад — ёшлардан кўра ўзимиз яхши куйлаймиз, деган фикрни исботлаш эмас, балки эътирозларга жавоб қайтариш эди. Биз ёшларнинг қўшиқларини куйлай олдик», — деди Ғуломжон Ёқубов.
«Хўш, кўрайлик-чи, ёшлар бизнинг рэпертуардаги ашулаларни куйлашга журъати етармикан? Ёшлар ҳам жиддий, маъно жиҳатидан салмоқли ижодий ишларга қўл уради, деган умиддаман», — деди хонанда.
«Айримлардан: ‘Катталар бизни танқид қилади, лекин ёшларбоп йўналишда куйлаш ўзларининг қўлидан келмайди’, деган фикрларни ҳам эшитдик. Бу гапларнинг тўғри эмаслигини исботлаш учун ҳам Муножат Йўлчиевага дуэт куйлаш таклифини бердик ва бирга куйладик», — деди хонанда.
«Қизиғи, ‘Уммон’ гуруҳи вакилларидан садо чиқмади, бизга жавобан куйлашмади», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов.
Изоҳ (0)