Париждаги терактлар ташкилотчиси Абдулҳамид Абауд Европага ИШИДнинг яна 90 нафар жангариси билан бирга кириб келган, деб ёзади «Европейская Правда» гувоҳлардан бирига таяниб.
Соня исми остида яширинаётган гувоҳ аёл аввалроқ полицияга Абаудни фош қилган, натижада у Франция полициясининг Сен-Денидаги махсус операцияси чоғида йўқ қилинган эди.
Аёлнинг айтишича, у Абауд ва унинг холаваччаси билан Париждаги ҳужумлардан бир неча кун ўтиб учрашган. Шунда террорчи Европага ҳеч қандай ҳужжатларсиз, 90 нафар бошқа жангари билан қочоқлар орасида келганини айтган.
Амалдорлардан бири айтишича, 50—60 га яқин жангари Евроиттифоққа Греция, Болгария ва Руминия орқали кириб келган.
Гувоҳ аёлнинг сўзларига кўра, Абауд Париж ташқарисидаги савдо маркази, полиция участкаси ва болалар боғчасига ҳам ҳужумлар уюштиришни режалаштирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Париждаги терактлар кетма-кетлиги 13 ноябрь оқшомида юз берди. Террорчилар «Стад де Франс» стадиони яқинида бомба портлатди, бир қатор ресторанлар ва концерт залидаги томошабинларга қарата ўт очди. Қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида 130 киши ҳалок бўлган, 352 киши яраланган эди.
Изоҳ (0)