Матбуот анжуманида «Эхо Москви» журналисти Владимир Путинга унинг Рамзан Қодиров билан Борис Немцовнинг ўлдирилиши бўйича иш ҳақида гаплашган-гаплашмагани ҳамда жиноятга алоқадорликда гумон қилинаётган «Север» батальони ҳарбийларини таъқиб этиш ҳақидаги масала кўтарилган-кўтарилмагани ҳақида савол берди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Мен Немцов билан шахсан таниш бўлганман. У билан ҳеч қачон муносабатларни бузмаганман, бироқ у сиёсий жанг йўлини танлади. Аммо бу шу одамни ўлдириш керак, дегани эмас, мен буни ҳеч қачон қабул қила олмайман», — деди Путин.
«Сиз улар гоҳ Чеченистонда, гоҳ хорижда яшириняпти, деб ёзасизлар. Буни аниқлаштириш керак. Чеченистон раҳбарияти билан мен бу масалаларни муҳокама қилмаганман ва қилмоқчи ҳам эмасман», — дея таъкидлади Россия президенти.
У ишни текширишга кўп йиллар кетиши мумкинлигини қайд этди.
«Ҳеч ким ҳеч кимни хаспўшламоқчи эмас, аммо холис тергов маълумотларини кутиш керак», — деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро савдо марказида Россия президенти Владимир Путиннинг анъанавий катта матбуот анжумани бошлангани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)