2015 йил 3 декабрь куни очилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси 4 декабрда ўз ишини давом эттирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ялпи мажлиснинг иккинчи кунида сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқди.
Шундан сўнг сенаторлар «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни ва «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири маъқуллади.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.
Бундан ташқари, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Умуман олганда, Сенат ялпи мажлисининг якунларига кўра 15 та масала, шу жумладан, 7 та қонун кўриб чиқилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Изоҳ (0)