Андижон шаҳрида 4 декабрь, жума куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идораларининг навбатдаги қўшма Ҳарбий ҳайъати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда томонларнинг чегара идоралари бошлиқлари ва бевосита Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасини қўриқлашда қатнашаётган чегара қўшинлари командирлари иштирок этди.
Тадбирда томонлар Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасини қўриқлаш бўйича 2015 йилги фаолият якунларини сарҳисоб қилди, икки томонлама идоралараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.
Бундан ташқари, учрашувда давлат чегарасини қўриқлаш соҳасидаги муаммоли долзарб масалалар, чегара яқинида жойлашган объектларнинг хавфсиз фаолият юритишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон—Қирғизистон давлат чегарасида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш ва уларнинг олдини олиш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)