Ўзбекистон халқ артисти, актёр Эркин Комилов «Даракчи» газетасига берган интервьюсида Ўзбекистондаги хусусий киностудияларда фаолият юритаётган режиссёрларнинг қай бири ҳурматга лойиқ эканлиги ҳақида фикр билдирди.
«Режиссёр Иброҳим Расуловнинг актёрлар билан ишлаш маданияти юқорилиги сабаб, ‘Қизғалдоқ’, ‘Жийда гули’ фильмларида гонорарсиз ишлаганман. Қолган бирорта режиссёр эътиборимга лойиқ эмас, уларни танимайман ҳам, улар ҳам мени танимаса керак», — дейди Ўзбекистон халқ артисти.
«Режиссёр Рустам Саъдиевнинг ‘Ўгай она’ фильмида ишлаганман. Шу фильм учун арзимас гонорар ёзиб берган. Ўшанда қўнғироқ қилиб: ‘Меҳнатим сингган, берган гонораринг кам-ку?’, — деганимни биламан, ўдағайлаб: ‘Сизни қайтиб фильмларимга таклиф қилмайман!’, — деган. ‘Унда очимдан ўлар эканман-да!’, — дегандим. Мана режиссёрнинг актёрга муносабати», — деди Эркин Комилов.
Эркин Комиловнинг сўзларига кўра, асосан давлат буюртмаси бўйича фильмлар суратга оладиган Собир Назармуҳамедов, Ҳилол Насимов каби режиссёрларнинг жиддий мавзулардаги картиналари кишини қувонтиради.
Изоҳ (0)