Американинг Род-Айленд штатида ортиқча вазндан қийналаётган бемор пицца буюртма қилмоқчи бўлгани боис шифохонадан ҳайдалди. Натижада 360 килограмм вазнли Стивен Ассанти, қариндошлари унинг уйга қайтишига рухсат бермагани учун, автомобилда яшашига тўғри келмоқда. Бу ҳақда The Daily Mail хабар бермоқда.
30 ёшли Ассантининг сўзларига кўра, у 80 кунлик даволаш курсини ўтаб, тўққиз килограммга озган. Аммо унда мазали таом ейиш истаги пайдо бўлгач, хоҳишини енга олмай, даволаш курси талабларини бузган.
Бемордан шифохонани тарк этиш сўралганидан сўнг, у уйга қайтмоқчи бўлган, аммо ота-онаси бунга қаршилик кўрсатган. Отаси Стивен Вееттнинг сўзларига кўра, ўғли шифохона шароитидаги назоратга муҳтож, шунинг учун озиш дастурини қайта бошлаш ҳақида келишувга эришиши керак.
Ассанти отасининг йўлтанламас автомобилида яшашга қарор қилди. Изоҳлашича, унинг меҳмонхонага тўлашга пули йўқ. «Тушунаман, менда овқатга қарамлик бор. Бу — касаллик», — дея иқрор бўлди Ассанти.
Шифохона Стивен даволаш дастуридан чиқарилганини тасдиқлади, аммо махфийлик тамойилларига асосланиб, мазкур ҳолат ҳақида тўлиқ маълумот беришни рад этди.
Бемор, тахминан, 247 килограммгача озиши керак эди. Бу эса одатда ортиқча вазнга қарши курашиш мақсадида қилинадиган ошқозонни кичрайтириш жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун зарур.
Изоҳ (0)