Беларусь президенти сайловида беш номзод қатнашади. Бу ҳақда «Новая газета» хабар бермоқда.
Дастлаб президент ўрни учун саккиз киши даъвогарлик қилаётганди, бироқ сайловда қатнашиш учун зарур миқдорда имзо тўплашнинг уддасидан фақат беш киши чиқа олди.
Хабар беришларича, амалдаги президент Александр Лукашенко фойдасига 1,7 миллион имзо йиғилган, Беларусь либерал-демократик партияси раиси Сергей Гайдукевич 140 минг, иқтисодчи Виктор Терешченко эса 130 минг имзони текширувга тақдим этган.
Сайловолди пойгасида, шунингдек, Беларусь казакларининг олий атамани Николай Улахович ва «Ҳақиқатни сўзла» кампанияси фаоли Татьяна Короткевич ҳам иштирок этади.
Бирлашган фуқаролик партияси раиси Анатолий Лебедько, «Адолатли дунё» Беларусь сўл партияси етакчиси Сергей Калякин, шунингдек, президентликка ўз номзодини қўйган вақтинча ишсиз Жанна Романовская зарур миқдорда имзо тўплай олмаган.
Амалдаги президенти Александр Лукашенконинг ваколат муддати 2016 йил 21 январь куни якунига етади. Янги президент сайлови эса 2015 йил 11 октябрь куни ўтказилади.
Изоҳ (0)