«Истиқлол» саройида 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун «Ниҳол» мукофотини топширишга бағишланган тантанали тадбир ва гала-концерт бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Мукофот соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, «Ниҳол»нинг махсус статуэткаси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул мукофотига эга бўлди.
«Ниҳол» мукофотининг 2015 йилги совриндорлари эълон қилинди. Эстрада санъати йўналиши бўйича Шаҳзодбек Собиржонов (Андижон вилояти), Шираз Турсинбоев (Қорақалпоғистон Республикаси), Бекзод Баҳромов (Наманган вилояти), Фарангиз Шамсиева (Самарқанд вилояти), Дилмурод Султонов (Хоразм вилояти), мумтоз қўшиқ йўналиши бўйича Сайёд Жўраев (Бухоро вилояти), Баҳодир Сайидов (Навоий вилояти), Алишер Аҳмедов (Тошкент шаҳри), мусиқа ижрочилиги бўйича Шаҳзод Асатуллаев (Қашқадарё вилояти), Достонжон Мирзокаримов (Сирдарё вилояти), опера ижрочилиги бўйича Зарнигорхон Умарова, Дилдора Мирсодиқова (Тошкент шаҳри), Иқболжон Раҳматов (Фарғона вилояти), Аминзода Жуманиёзов (Хоразм вилояти), рақс санъати йўналиши бўйича Сеҳриё Мирзаева (Тошкент шаҳри) мазкур мукофотга лойиқ топилди. Уларга диплом ва мукофотлар тантанали тарзда топширилди.
Тантанали кечада санъат усталари ва «Ниҳол» мукофотининг совриндорлари иштирокида гала-концерт намойиш этилди.
Изоҳ (0)