Технологик компанияларга сармоя киритиш ортидан 3,2 миллиард доллар ишлаб топган россиялик миллиардер Юрий Мильнер яқин 10 йил давомида Ердан ташқаридаги цивилизацияларни излаш бўйича лойиҳага 100 миллион доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар бермоқда.
Инвесторнинг ҳамкори сифатида бунгача бошқа сайёралар билан алоқа ўрнатиш ҳаракатларини бир неча бор танқид остига олган профессор Стивен Хокинг иштирок этмоқда, қидирув ишларига эса шунга ўхшаш лойиҳани 1960 йилда ишга туширган Френк Дрейк раҳбарлик қилади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, ижобий натижага умид бор, уларнинг бу лойиҳасига исталган инсон — оддий ҳаваскордан тортиб олим одамгача ҳамма қўшилиши мумкин.
Юрий Мильнернинг сўзларига кўра, ҳаётида содир бўлган бир қатор воқеалар унинг мазкур лойиҳага бош қўшишига туртки бўлган. Биринчидан, ота-онаси уни биринчи космонавт Юрий Гагарин шарафига номлаган.
Иккинчидан, болалигида ўқиган ёзувчи Иосиф Шкловскийнинг «Олам, ҳаёт, ақл» китоби уни Москва давлат университетининг физика факультетига ўқишга киришга ундаган. Учинчидан, 1987 йили Мильнер Россия Фанлар академиясининг Физика институтига маърузага келган Стивен Хокинг билан танишган.
«Мен ҳатто ўша маърузадан суратларни ҳам топдим. Энди эса биз биргаликда янги лойиҳамизни ишга тушираётганимиз ҳақида эълон қиляпмиз», — деди Юрий Мильнер. Лойиҳа тақдимоти Хокинг истиқомат қиладиган Лондонда бўлади.
Изоҳ (0)