Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Нигина Абдураимова 13 июль куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида старт олган турнирдаги иштирокини ғалаба билан бошлади, деб хабар қилади «Olamsport.com».
Мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларидан иборат мусобақада учинчи рақам остида таснифланган ўзбекистонлик теннисчи илк даврада австралиялик Элисон Байга қарши кортга чиқди.
Учрашувда Абдураимова 6:3, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Унинг иккинчи даврадаги рақибаси 14 июлда аниқланади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Нигина чорак финалга чиқиш учун таиландлик теннисчилардан бири билан тўқнаш келади.
Саралаш баҳсларида иштирок этган яна бир ўзбек теннисчиси Влада Якшибарова эса япониялик Котоми Такахатага 0:6, 2:6 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўз омадини жуфтликлар мусобақасида ҳам синаб кўрган Якшибарова япониялик дугонаси Мичика Озеки билан Таиланд ва Хитой Тайпейи теннисчиларига 3:6, 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Нигина Абдураимова эса жуфтликда қатнашмайди.
Изоҳ (0)