Комик актёр Жим Керри мактаб ўқувчилари учун мажбурий вакцинацияни жорий этган Калифорния губернатори Жерри Браунни танқид қилиб, уни «корпоратив фашист» деб атади. Бу ҳақда актёр Twitter’даги саҳифасида хабар қолдирган.
«Калифорния губернатори таркибида симоб ва алюминий бўлган вакциналар билан болаларни заҳарлашга ‘Ҳа’ деб жавоб берди. Бу корпоратив фашистни тўхтатиб қолиш керак», - деб ёзди актёр.
Керрининг қўшимча қилишича, у бундай эмлашга қарши эмас, фақатгина дори воситаларида тиомерсал номи остида ишлатиладиган симобнинг металлорганик бирикмаларидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш тарафдори холос.
Губернатор Браун томонидан маъқулланган қонунга кўра, 2016 йилдан Калифорниянинг барча жамоатчилик мактаблари ўқувчилари эмлаш жараёнидан ўтиши керак. Қонуннинг аввалги таҳририда ўқувчи диний эътиқодидан келиб чиқиб эмлашдан бош тортиши мумкин эди.
Вакциналарнинг сифатини сақлаб қолиш мақсадида уларда тиомерсалдан фойдаланилади. АҚШда амал қилаётган қонунга мувофиқ, олти ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган дориларда мазкур модда миқдори бир микрограммдан ошмаслиги керак. Катта ёшдаги болалар дорилари учун ҳозирча бундай чекловлар йўқ.
Тиомерсалнинг зарарли экани ҳақидаги баҳс-мунозараларга қарамай, тадқиқотлар ҳозирча вакциналарда ишлатилаётган миқдор модданинг заҳарли бўлишига сабаб бўлиши ҳақидаги ахборотни тасдиқламаяпти. Шунингдек, тиомерсал аутизмга олиб келиши тўғрисидаги миш-мишлар ҳам тасдиқланмаган.
Изоҳ (0)