Бугун, 16 июнь куни ЖЧ—2018 иккинчи саралаш босқичининг 2-тури доирасида Пхеньянда КХДР ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали ушбу учрашувни намойиш қилиши мумкин.
Ўйин Тошкент вақти билан 13:00 да бошланади. «Спорт» телеканали «Дарё» нашрига маълум қилишича, ўйинни фақатгина Шимолий Корея каналларидан бири эфирга узатади. Агар «Спорт» телеканали КХДР канали тўлқинини илишнинг уддасидан чиқса, баҳс албатта жонли эфирда намойиш қилинади. Акс ҳолда, учрашув кейинроқ ёзиб олинган ҳолатда узатилиши мумкин.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайтида 12:50 дан бошлаб ЖЧ—2018 саралаш ўйинларидан бири намойиш қилиниши кўрсатилган. Аммо бу айнан қайси учрашув бўлиши кўрсатилмаган. КХДР телевидениеси канали тўлқинларини илишнинг имкони бўлмаса, 12:50 дан бошлаб «Спорт» канали ЖЧ—2018 иккинчи саралаш босқичи 1-туридаги Яман – КХДР учрашувини намойиш қилади.
ЖЧ—2014 саралаш босқичида ҳам Ўзбекистон ва Шимолий Корея бир гуруҳга тушганди. 2011 йил 11 октябрда Ўзбекистоннинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган беллашувни ҳам жонли эфирга узатишнинг имкони бўлмаган.
Изоҳ (0)