LG бир миллиметрдан ҳам ингичка илк телевизорини намойиш қилди
LG компанияси 55 дюймли OLED экранга эга ўта юпқа телевизорини намойиш этди, деб хабар беради The Korea Times.
Қурилма Жанубий Корея пойтахти Сеулда ўтказилган саноат кўргазмасида намойиш қилинди. Телевизорнинг оғирлиги тахминан 2 килограммни ташкил этади ва у деворга магнит қоплама ёрдамида маҳкамланади.
Ушбу прототип LG келажакда OLED-технологияси ривожи учун жиддий эътибор қаратиши ва шунга ўхшаш маҳсулотлар яратиши исботи сифатида кўрсатилди. Ҳозирча унинг қачон сотувга чиқарилиши номаълум.
LG’нинг ҳозирга қадар 55 дюймли OLED-телевизорлари орасидаги энг ингичкаси 4,3 миллиметрни ташкил этарди.
LG — OLED экранларини чиқаришда энг етакчи компаниялардан биридир ва унинг бу йўналишдаги асосий рақобатчиси Samsung ҳисобланади. LG дисплейларни ўз қурилмалари учун ҳам, учинчи компанияларга сотиш учун ҳам ишлаб чиқаради.