АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги «MGM Grand» аренасида ярим ўрта вазн тоифаси қироллари америкалик енгилмас Флойд Мейвезер ҳамда филиппинлик Менни Пакьяо ўртасидаги супер жанг бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Унда Мейвезер ҳакамлар қарорига кўра 118−110, 116−112, 116−112 ҳисобида ғалаба қозонди.
Фаолиятини АҚШда давом эттираётган ва айни пайтда Хьюстон шаҳрида бўлиб турган ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Мамажонов ушбу жанг юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
«Ушбу жангни катта кино театрда томоша қилдик. Очиғини айтаман, мухлислар кутган жанг бўлмади. Айниқса, Флойд Мейвезер ишончни оқламади. Бу оқшом Пакьяо яхши ҳаракат қилди. Айнан Менни рақибига нисбатан кўпроқ зарба берди. Шундай бўлсада, менимча, аниқ зарбалар сони бўйича кичик устунлик Мейвезер томонида бўлди, деб ўйлайман.
Шахсан мен филиппинлик боксчига мухлислик қилдим. Ўзи анча йилдан бери Пакяонинг ашаддий мухлисиман. Энди жангнинг АҚШда бўлиб ўтганлигини инобатга олсак, ҳакамларда Мейвезерга ғалабани беришдан ўзга чора йўқ эди. Агар жанг Филиппинда ўтказилганида, ишончим комил, ғалаба Меннига бериларди», - деди Мамажонов.
Изоҳ (0)