Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида теннис бўйича соврин жамғармаси 10 минг АҚШ долларидан иборат бўлган Shymkent Open турнири давом этмоқда. Унда Ўзбекистондан бир гуруҳ истеъдодли теннисчилар ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказяпти, деб хабар беради «Olamsport.com».
Иккинчи давра баҳсларидан сўнг биргина Полина Меренкова чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. У турнирнинг саккизинчи ракеткаси қозоғистонлик Екатерина Клюевани 6:3, 4:6, 6:2 ҳисобида таслим этди. Энди Полина чорак финал учрашувида россиялик Дарья Лодиковага қарши кортга чиқади.
Турнирда учинчи рақам остида таснифланган Ўзбекистон вакиласи Влада Якшибарова айнан Лодиковага 5:7, 3:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Еттинчи рақам остида ҳаракат қилган Албина Хабибулина эса россиялик Ксения Шарифовага икки сетда ҳам бир хил 3:6 ҳисобида ютқазди.
Аввалроқ мусобақа бош соврини учун курашни давом эттириш ҳуқуқини Ўзбекистон эркаклар термасидан биргина Санжар Файзиев қўлга киритгани хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)