Алишер Узоқов ўзига «Келажакда биздан қайси режиссёр ўз фильми билан ‘Оскар’га номзод бўла олади» деган саволга «Мен, албатта» деб жавоб берди. Бу ҳақда «Даракчи» газетаси хабар бермоқда.
«‘Оскар’га аталган ғоялар ҳали фақат миямда чарх уряпти, холос. Уни эса амалга ошириш керак. Насиб қилса, албатта, ўзбек киноси ҳам ‘Оскар’ олади, – деди ижодкор. – Агар яхши кино чиқарсак, бу мукофотни олишимизга ишончим комил.
Ижодкорнинг ижодини ҳеч нарса тўхтата олмайди. Ижод юракдан вулқон каби отилиб чиқаверадиган нарса. Ижодкордан ҳамма нарсасини олиб қўйсангиз ҳам, ўша юрагидан отилиб чиқаётган нарсани олиб қўёлмайсиз. Ҳақиқий ижодкорнинг ижоди эса юраги тўхтаганда тўхтайди, холос. Қандай чекловлар қўйилиши, қандай ноҳақликлар бўлишидан қатъий назар у ижоди билан ўша тўсиқларни ёриб чиқаверади. Демоқчи бўлганим яхши ижодкорнинг арзигулик иши ҳам назардан четда қолмай, ‘Оскар’гача етиб бораверади. ‘Оскар’ни оламан, дейишим, балки кулгили туюлар, лекин асосийси ният бор.
Албатта фильмнинг бюджети ҳам шунга мос бўлиши керак. Ҳар ҳолда бизда 50-60 миллион сўмга олинаётган фильмлар ‘Оскар’га яқин бора олмаслиги аниқ. Бунча сарф-харажат билан халқаро мукофотлар даражасига чиқаман, десангиз, салкам даҳо бўлишингиз керак. Хоҳлайсизми, йўқми кинонинг ривожи учун катта маблағ керак. Ўзбек киносида арзон фильмлар шундоқ ҳам қалашиб ётибди. Режиссёрларнинг асосий мақсади камроқ пул сарфлаб, халқ таниган актёрларни арзонга, иложи бўлса, текинга ўйнатиб, кино ‘ясаш’, шунинг ортидан даромад топиш. Кинони ривожлантирай, ўзбек киноси ҳам жаҳонга чиқсин, дейдиганлар кам».
Изоҳ (0)