1—9 апрель кунлари Тошкентда ўсмирлар ва кадетлар ўртасида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда қатнашиш учун дунёнинг 104 мамлакати ариза берди.
«12news.uz» ёзишича, биринчилик доирасида FIE (Халқаро қиличбозлик федерацияси) ижроия қўмитаси мажлиси бўлиб ўтади, унга 50 га яқин расмий шахслар ва халқаро даражадаги 46 нафар арбитрлар таклиф этилди.
Воқеаларнинг бориши юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий журналистлар томонидан ёритилади. Мусобақаларни Euronews телеканали трансляция қилади.
Қиличбозлик бўйича чемпионат бугун — 1 апрель куни эрталаб саралаш мусобақалари билан бошланди. Расмий очилиш маросими эса 18:00 да бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 31 март куни Чемпионатда иштирок этиш учун Тошкентга Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов етиб келди. У мажмуа ва спорт майдонларини мусобақаларга тайёрлаш, ходимлар ва спортчилар учун шароитлар яратишнинг бориши билан танишди.
Изоҳ (0)