Франциянинг Альп тоғларида ҳалокатга учраган Airbus капитани кабинанинг берк эшигини болта билан уриб очмоқчи бўлган. Бу ҳақда Bild нашри ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда, деб ёзади «Газета.ru».
Манбалар сўзларига кўра, биринчи учувчи бир неча марта кабинага қайтиб киришга уринган, бироқ у зирҳли эшикни оча олмаган.
Germanwings авиакомпанияси матбуот котиби бортда болта бўлганлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, болта «А320 хавфсизлигини таъминлаш учун зарур жиҳознинг бир қисми бўлган».
Аввалроқ Airbus А320 самолётининг иккинчи учувчиси атайлаб ҳаво кемаси командирига кабина эшигини очмагани маълум бўлган эди. «Қора қути»дан олинган ёзувда учувчи қайтадан кабинага кирмоқчи бўлгани, бироқ буни уддалай олмаганини эшитиш мумкин. Учувчи дастлаб эшикни секин тақиллатган, сўнг қаттиқроқ урган, шундан кейин эса эшикни уриб синдирмоқчи бўлган, бироқ уддалай олмаган. Охир-оқибат у кабинага кира олмаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Барселонадан Дюссельдорфга парвоз қилаётган Airbus А320 самолёти Франция жанубида, Альп тоғлари устида ҳалокатга учраши оқибатида лайнер бортида бўлган 150 кишининг барчаси ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)